22 июль куни Испаниянинг тарихий обидаларга бой Сан-Лоренсо-дель-Эскориаль шаҳрида Ўзбекистоннинг туризм ва савдо-иқтисодий салоҳиятига бағишланган тақдимот маросими ўтказилди, дея хабар қилди Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчихонаси.

Ўзбекистонга келиш истагини билдирган 200 га яқин сайёҳлар ва бошқа меҳмонлар иштирок этган мазкур тадбир Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчихонаси ва Сан-Лоренсо-дель-Эскориаль шаҳар мерияси ҳамкорлигида ташкил этилди.

«Ўзбекистан — Буюк Ипак йўли юраги» номли анжуман давомида икки мамлакатнинг тарихий алоқалари, Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти, тўқимачилик соҳаси ва мамлакатнинг савдо-иқтисодий имкониятлари ҳақида видеотақдимот қилинди.


Шунингдек, анжуман қатнашчилари учун ўзбек миллий таомларидан намуналар, жумладан сомса, дўлма ва ошни татиб кўриш имкони тортиқ қилинди. Ўзбек миллий мусиқа чолғулари иштирокидаги чиқишлар, ранг-баранг миллий матолардан тикилган ўзбек модаси намойиши испанияликларда катта таассурот қолдирди.

Тақдимотдан сўнг 200 нафарга яқин испаниялик Буюк ипак йўлида жойлашган, йирик маданият маркази бўлмиш Ўзбекистонга келиш истагини билдириб, бизга мурожаат қилди, дейилади элчихона хабарида.