Давлат солиқ қўмитаси камерал текширувлар якунлари бўйича даъво қилиш учун энг кам миқдорни белгилади, дея хабар берди ДСҚ «Газета.uz"га.

Эндиликда бюджетга ундирилувчи пул миқдори уни ундириш харажатларидан кам бўлса, талаб қондирилмайди. Даставвал бу миқдор талабномани почта орқали жўнатиш харажатлари миқдорида, яъни 5000 сўм этиб белгилаш режалаштирилган эди.

Ушбу қарор ундирув харажатларини қоплаш мақсадида қабул қилинди. Ўрганишлар якунлари бўйича шу нарса маълум бўлдики, биринчи ярим йилликда 154,7 мингта талабнома (54 фоиз) бўйича илгари сурилган ҳир бир даъво суммаси энг кам иш ҳақининг бир баробаридан камроқни ташкил этган.

Камерал текширув якунлари бўйича асослантирилмаган талабномаларнинг такрорланишига йўл қўймаслик мақсадида улар чорак якунлари бўйича фақат бир марта ягона формада юборилади.

ДСҚ маълумотларига кўра, биринчи ярим йилликда юборилган 283,8 мингта талабноманинг 73,2 мингтаси (26 фоиз шикоятлар) тасдиқланмаган, 10,7 мингтаси (15 фоизи) эса солиқ тўловчига 4 дан 7 мартагача такроран юборилган.

Камерал назорат доирасида даъво қилинган солиқлар ҳажми 640,8 млрд сўмни ташкил этган.

Қабул қилинган қарор камерал текширувлар бўйича вазифаларни тақсимлаб берди. Унга кўра йиллик айланмаси 1 млрд сўмгача бўлган корхоналарни солиқ инспекцияси, 1 млрд сўмдан ошса — солиқ бошқармаси ва 55 млрд сўмдан ошса — Давлат солиқ қўмитаси камерал текширувларни амалга оширади.