Учтепа туман халқ таълими бўлими томонидан 1-синфларга қабул жараёнини шаффоф ва адолатли ташкил этиш мақсадида тумандаги барча мактабларда ўқувчиларни 1-синфга онлайн қабул қилиш тизими йўлга қўйилди. Бу ҳақда «Маърифат» газетаси сайтида мақола эълон қилинди.

Учтепа туман халқ таълими бўлими мудири Мавлон Турсуновнинг айтишича, бу масала узоқ муҳокамадан сўнг амалиётга татбиқ этилган бўлиб, ушбу тизимни ишлаб чиқишда жаҳоннинг илғор мамлакатлари тажрибасидан фойдаланилди. Бундан кўзланган мақсад ота-она ва мактаб ўртасида шаффоф мулоқот муҳитини яратишдир.

Ҳозир тумандаги мавжуд 31 та мактабда 1-синфга ўқувчилар шу тартибда қабул қилинмоқда. Бунинг учун барча мактабларда ягона платформа асосида сайт ишлаб чиқилди. Уларни ташкил этиш учун компьютер мутахассислари жалб қилинди.

Электрон мурожаатда ота-оналар фарзанди ҳақидаги барча ҳужжат нусхасини ўз микроҳудудида жойлашган таълим муассасасининг сайтига юборади. Мактаб мутасаддилари номзодни рўйхатга олгач, ота-она фарзанди билан мактабга чақирилади.

«Логопед, психолог ва бошқа мутахассислардан тузилган экспертлар гуруҳи боланинг лаёқатини текширади. Агар нуқсон аниқланса, даволаниш учун тавсия берилади. Шунингдек, таълим рус тилида олиб бориладиган мактабларда ўқиш истагидаги болаларнинг имкониятини синовдан ўтказиш жуда муҳим», — дейди Мавлон Турсунов.