Тошкентдаги Инҳа университетида 28−30 июль кунлари «Ажойиб математика» фестивали ўтказилади, дея хабар қилди ОТМ матбуот хизмати.

Фестивалнинг асосий мақсади математиканинг мўжизаларини намойиш этиш ва математика жуда қизиқарли эканлигини намойиш этиш ва ушбу фанни ўқитиш ва ўрганиш қизиқарли эканини кўрсатишдан иборат.

Ушбу тадбир Тошкентдаги Инҳа университети, Жанубий Кореянинг Инҳа университети ҳамда Кореянинг ўқитувчилар учун математика маданиятини тадқиқ этиш жамияти тамонидан ташкил этилаяпти. Фестиваль Ахборот технологиялари ва коммуникациялари ривожлантириш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Korzinka.uz супермаркетлар тизими томонидан қўллаб-қувватланаяпти.

«Ажойиб математика» фестивали мактаб ва бошқа таълим ташкилотлари ўқувчилари, математика ўқитувчилари ҳамда ушбу фанга қизиққан ва севганларга мўлжалланган.

Фестивалда Жанубий Кореянинг турли таълим ташкилотларида фаолият юритувчи ўқитувчилар томонидан тайёрланган 25 та математика стенди тақдим этилади.

Уч кун давомида Жанубий Кореядан келган мутахассислар стендларда турли пазллар, машқлар ва мисолларни болаларга тақдим этадилар ва ўз билимлари билан бўлишадилар. Тадбир давомида болалар учун танловлар ва математика бўйича хорижий мутахассисларнинг маърузалари ҳам ташкил этилади.

Фестиваль доирасида «Дастурлаш соати» акцияси ташкил этилади. Акция давомида болалар дастурлаш асосларига бағишланган бир соатлик бепул дарсда иштирок этишлари мумкин.

Биринчи илмий-амалий «Ажойиб математика» фестивали 2016 йил 6−8 январь кунлари ташкил этилган эди. Уч кун давомида фестивалда 5 мингдан зиёд кишилар иштирок этди.