Футбол бўйича Миср терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Эктор Купер Ўзбекистон миллий терма жамоасига мураббийлик қилади, дея хабар қилди «Халқ сўзи» вазиятдан хабардор ахборот манбасига таянган ҳолда.

Хабарда қайд этилишича, Футбол ассоциацияси Россияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати-2018 га чиққан, бироқ мусобақанинг гуруҳ босқичида ўз иштирокини якунлаган Миср собиқ бош мураббийи билан келишувга эришган. Яқин соатларда расмий баёнот берилиши кутилмоқда.

62 ёшли Эктор Купер номзодига қадар ЎФА Эрон мураббийи Карлуш Кейруш билан оғзаки келишувга эришганбўлса, Италия терма жамоаси бош мураббийи Роберто Манчини ва Хорватия термаси бош мураббийи Златко Далич билан музокаралар олиб борган эди.

Эктор Купер мураббийлик фаолияти давомида «Мальорка» (Испания), Валенсия (Испания), «Интер» (Италия), «Реал Бетис» (Испания), «Парма» (Италия), Грузия терма жамоаси ва бошқаларга раҳбарлик қилган.