Бош прокуратура ва Халқ таълими вазирлиги Самарқанддаги алоҳида сақлаш шароитлари, тарбия ва таълимга муҳтож ўғил болалар учун 64-ихтисослашган мактабдаги вазиятни ўрганмоқда, дея хабар қилди Бош прокуратура ва ХТВ матбуот хизматлари «Газета.uz"га.

Тарбияланувчилардан бирининг онаси Муҳаббат Мирзаева таҳририятимизга мурожаат қилиб, махсус мактаб раҳбарияти тизимли равишда болаларни калтаклаб, уларга жисмоний ва руҳий босим ўтказгани, дарс ва машғулотларни ўтказмасдан, уларни оғир жисмоний меҳнатга жалб қилиб келгани, ёмон овқатлантиргани ва тез-тез оч қолдирганини маълум қилган эди.

Айни пайтда вазият Бош прокуратура ва Самарқанд вилоят прокуратураси раҳбариятининг шахсий назоратига олинган, ўрганишлар бошланган. Муҳаббат Мирзаева Бош прокуратурага ташриф буюрган, унга режалаштирилаётган ҳаракатлар бўйича маълумот берилган.

Халқ таълими вазирлиги эса вазиятни жойида ўрганиш учун ХТВ ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳини шакллантирди.

Муҳаббат Мирзаева «Газета.uz"га шанба куни унинг ўғли Элмуродни директор яна ургани, уни тушунтириш хати ёзишга, хатда тилхатни тарбиячининг босими билан ёзишга мажбур бўлганини ёзишга мажбурлаганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, психологлар тарбияланувчилар учун сўровнома тайёрлаб, уларга ҳеч ким урмагани ва яхши овқатлантираётганини кўрсатишга мажбурланган.