2018/2019 ўқув йили учун кундузги таълим йўналишида ИИВ академиясига қабул жараёнида тест синовлари ўтказилмади. Бунинг ўрнига махсус профессионал танлов ва индивидуал суҳбат ташкиллаштирилди. Бу Ўзбекистон президентининг 2017 йилнинг 16 августдаги «Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида кўзда тутилган.

Академияга номзодларни танлаш, қабул ва таълим тизими ҳақида тушунтириш бериши учун ишчи гуруҳлар тузилди. Турли ҳудудларда ўтказилган учрашувлар маҳаллий телевидение орқали ёритилди.

ИИВ академиясига ўқишга қабул қилиш уч босқичда амалга оширилди: бошланғич ва махсус профессионал танлов ҳамда индивидуал суҳбат ўтказилди.

Бошланғич танлов Ўзбекистон ИИВ, Қорақалпоғистон ИИВ, Тошкент шаҳар ИИББ ва вилоятлар ИИБ томонидан тузилган ишчи гуруҳлар томонидан ўтказилди. Улар умумий ҳисобда 20 мингдан кўпроқ номзодни синовдан ўтказишди ва махсус профессионал танловга 9250 нафар номзод ўтказилди.

Махсус профессионал танлов ўз ичига ҳарбий-тиббий комиссиядан ўтиш, ёзма иш, умумий жисмоний тайёргарлик ва чет тилини билиш даражаси каби босқичларни қамраб олди. Шу тариқа индивидуал суҳбатга 4000 киши ўтди.

Танлов жараёнида ҳар бир ички ишлар ҳудудий бошқармаларидан кузатувчилар, шунингдек вазирлик ва ташкилотлар билан келишган ҳолда танланган малакали мутахассислар иштирок этдилар.

Танлов жараёни видео тасвирга олинди. Ёзма иш, умумий жисмоний тайёргарлик ва чет тилини билиш даражаси бўйича олинган баҳолар номзодларнинг махсус шахсий карточкасига ёзиб борилди.

ИИВ академиясига 633 киши қабул қилинди.