Макаода дзюдо бўйича кадетлар ўртасида Осиё кубоги бўлиб ўтмоқда. Мазкур турнирнинг аҳамиятли томони шундаки, унда Буэнос-Айресда бўлиб ўтадиган III ёзги ўсмирлар олимпия ўйинларига рейтинг очколари ўйналади. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу мусобақада ўзбекистонлик ёш спортчилар ҳам иштирок этишмоқда. Эътиборлиси, баҳсларда қатнашган тўрт нафар дзюдочининг барчаси совриндорлар қаторидан жой олди.

Ўғил болалар ўртасидаги баҳсларда Жайҳунбек Назаров (-66кг) олтин, Мақсуд Очилов (-55кг) бронза, қизлар ўртасида эса Нилуфар Ермагамбетова (-52кг) ва Сита Қадамбаева (-48кг) олтин медалларни қўлга киритишди.

Эътиборлиси, айни пайтда Сита Қадамбаева ва Нилуфар Ермагамбетова ўз вазн тоифаларида жаҳон рейтингида биринчи ўринда кетмоқда.