Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Расул Кушербаев фуқаролардан тушаётган шикоят ва мурожаатлар асосида Тошкент ҳокими в. б. Жаҳонгир Ортиқхўжаевга (нусхаси Ўзшаҳар қурилиш инвест" ИК директори З.Нарзуллаевга) Тошкентнинг Сергели туманида қурилаётган арзон уй-жойлар нархи юзасидан депутатлик сўрови юборди. Бу ҳақда депутат ўзининг Facebook-профилида маълум қилди.

«Сергели туманида бунёд этилаётган арзон уй-жойларга талабгор фуқаролар ўз мурожаатларида, бадал пулини тўлаган вақтда уйларнинг бир кв метр нархи 2 841 170 сўм бўлганлиги, орадан 5 ой ўтгач эса нарх 3 981 697 минг сўмга ёки (40,1 фоизга) ошириб юборилганлигини билдиришган», — деб ёзади депутат ўз сўровида.

Расул Кушербаевнинг ёзишича, Тошкент шаҳрида арзон бўлмаган уй-жойлар қуриш ва сотиш билан шуғулланаётган бошқа ташкилотларда эса, OLX.UZ интернет тармоғида берилган эълонларга кўра, уй-жойнинг бир кв. метр учун нархи 3 300 000 ва 3 500 000 атрофида эканлигини кўриш мумкин. Масалан, «ELITE COMPLEX» ташкилоти аҳоли уй-жойларини қуришни калити билан кв. метри учун 3 500 000 сўм нархда таклиф этмоқда.

«Бундан кўриниб турибдики, Президент қарори доирасида, солиқ ва бошқа тўловлардан бир қатор имтиёзларга эга бўлган ташкилотлар томонидан уй-жойга муҳтож, етим-есир ёки кам таъминланган аҳоли вакиллари учун қурилаётган уй-жойлар худди шундай сифат ва кафолатга эга бошқа уй-жойлардан кўра қимматроққа тушмоқда. Ваҳоланки, давлатимиз раҳбари аҳолини уй-жой билан таъминлашда асосий эътибор оилада бир оила аъзоси ишлаганда ҳам унинг ойлик даромади кредитга олинаётган уйни қоплашга етиши лозимлигини таъкидлаб ўтган эдилар», — дея давом эттиради Расул Кушербаев.

Депутатнинг келтиришича, айни вақтда Сергели туманида қурилаётган 43,57 кв метр уй-жойга бошланғич бадал тўланганидан сўнг имтиёзли даврда бир ой учун кредит фоизи тўловининг ўзиёқ 800 минг сўм атрофида бўлса, имтиёзли даврдан сўнг 1 464 000 сўмга айланмоқда. Худди шундай 79,6 кв метрли уй-жой эса бадал тўланганидан сўнг кредитни қоплашга имтиёзли даврда ҳар ойда 1 720 000 минг сўм, имтиёзли даврдан кейин эса 3 160 000 минг сўмга айланмоқда. Бундай уй жойларни олишга талабгор кам таъминланган оилаларда эса аксарият ҳолларда ойлик даромади ҳар бир оила аъзоси жон бошига ҳисоблаганда энг кам ойлик иш ҳақининг бир бараваридан ортиқча бўлмайди.

Депутат Жаҳонгир Ортиқхўжаевдан «Парламент назорати тўғрисида"ги Қонуннинг 15-моддасига асосан, 10 кунлик муддатда Тошкент шаҳрининг Сергели туманида аҳоли учун қурилаётган арзон уй-жойларнинг нархи, шу жумладан бошқа ташкилотлар қураётган уй-жойларга нисбатан қимматлиги юзасидан асослантирилган тушунтириш беришингизни ва мазкур муаммони ҳал қилиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида ахборот тақдим этишни сўради.