Террористик ташкилотга аъзо бўлганликда айбланаётган Зокир Раҳимов Ўзбекистонга қайтарилди. У Навоий вилоят Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирларидан сўнг Истанбулда қўлга олинди, дея хабар қилди «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Ахборот 24» дастури.

Зокир Зарипович Раҳимов (1973 й. т.) — Навоий вилояти Кармана туманидан. «Ахборот 24» маълумотларига кўра, 1994 йилдан 1997 йилгача «Жиҳодчилар» диний-экстремистик оқими аъзоси бўлган ва унинг йиғимларида фаол иштирок этган, экстремистик руҳдаги маърузаларни эшитган. Шундан сўнг Туркистон Ислом ҳаракати сафига қўшилган, кейинроқ эса Ислом жиҳод уюшмаси халқаро террористик ташкилоти аъзоси бўлган. 2000 йилдан буён қидирувда эди.

1999 йилги воқеалардан сўнг (Тошкентдаги террористик хуружлар, жумладан биринчи президент Ислом Каримовга суъиқасд) Зокир Раҳимов Тожикистон орқали чиқиб кетган ва Туркистон Ислом ҳаракати террористик ташкилотига аъзо бўлиб қўшилган.

«Бизни ўқ отар қуроллардан фойдаланишга ўқитишди. Диний таълимни наманганлик Абдували олиб борди. У Ўрта Осиёда ислом давлати тузишга ташвиқот қилди. 1999 йил охири-2000 йил бошидан биз 100−150 киши бўлиб Афғонистон чегарасидан ўтиб, Қундузга бордик. 2000 йил февраль-мартида Мозори Шарифдаги Туркистон Ислом ҳаракати лагерида хўжалик ишлари билан машғул бўлдим» — деди Зокир Раҳимов «Ахборот 24"га.

2001 йилда АҚШдаги террористик хуружлардан сўнг Покистонга қочишга мажбур бўлган. «АҚШда 11 сентябрдан кейинги терактлардан кейин Афғонистондаги вазият ўзгарди. 2001 йил охири-2002 йил бошида Пешаворга ўтдим. 2005 йилда Эронга келдим», — деди у.

Эроннинг Машҳадида Зокир Раҳимов Ислом жиҳод кенгашига аъзо бўлди. 2012 йилларга қадар сохта Тожикистон паспорти билан яшаган.

2014 йилда у Туркияга Тожикистоннинг бошқа сохта паспорти билан Туркияга кўчиб келади. Бу вақтда, дастурда қайд этилишича, у ноқонуний паспортларга эга бўлган ва экстремистик ташкилотлар аъзоларидан моддий ёрдам олиб турган.

У Эрон орқали Покистон ва Афғонистондаги жангарилар лагерларига қўшилувчи шахсларни жўнатиб туришда муҳим роль ўйнаган, дейилади «Ахборот 24» репортажида.

Навоий вилоят ДХХ тергов тадбирларини давом эттирмоқда.