Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 июль куни Улуғбек шаҳарчасида (Тошкент таркибига киради) Россиянинг «МИФИ» Миллий ядро тадқиқотлари университети филиалини очиш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Филиал ядро энергетикаси ва иссиқлик физикаси соҳасида муҳандис-техник ходимларни тайёрлайди, шунингдек ядро физикаси соҳасида фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларни олиб боради.

Филиал таълим фаолиятини 2019/2020 ўқув йилидан бошлайди. Таълим асосий муассаса тасдиқлаган ўқув режалари ва дастурлари бўйича олиб борилади.

«МИФИ» филиалига қурилиши тугалланмаган радиокимё мажмуаси ва унга туташ ҳудудлар берилади. Бу ерда бинолар реконструкцияси ҳамда талабалар ва ўқитувчилар яшаши учун ётоқхонани тайёрлаш ишлари бошланади.

Давлат гранти асосида таҳсил олган филиал битирувчилари Ўзбекистон ишлаб чиқариш-саноат ташкилотларида энг камида беш йил ишлаб бериш шарти билан ишга тақсимланади.

«Росатом» давлат корпорацияси билан тузилган шартномага кўра, Ўзбекистонда 2028 йилгача атом электростанцияси қурилиши режалаштирилган. Мажмуа ҳар бирининг қуввати 1200 мегаватт бўлган иккита энергоблокдан таркиб топади.

19 июль куни президент Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида «Ўзатом» атом энергетикасини ривожлантириш агентлигини ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.