Президент Шавкат Мирзиёев Ядро физикаси институтида Фанлар академияси ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан мулоқот қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистонда илм-фанни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани, кейинги бир йилда президентнинг соҳага доир 11 фармон ва қарори қабул қилингани қайд этилди.

Лекин фан билан ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграция паст даражада қолаётгани, илмий изланишлар етарлича қўллаб-қувватланмаётгани танқид қилинди.

«Ҳар бир илмий ишга маҳсулот сифатида қаралиши, унинг харидори олдиндан аниқ бўлиши керак», деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари илмий ишланмаларнинг амалиётга татбиқ этилишини қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар грант ажратилиши, илмий-тадқиқот институтлари ходимларининг ойлик маошлари бир неча баробар оширилишини маълум қилди.

Куни кеча президентнинг «Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони қабул қилинди. Унга мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.

Учрашувда бу борадаги ишларни амалга ошириш, кадрлар тайёрлаш, илмий ишланмалар яратиш ва соҳага татбиқ этиш масалалари тўғрисида фикр алмашилди.