18 июль куни Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси консуллик бўлими ходими Ўзбекистон фуқароси Маъруфжон Шакаровга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида Москва шаҳридаги Жазони ижро этиш федерал хизматининг 1-тергов изоляторига (СИЗО-1) ташриф буюрди.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, учрашув чоғида Маъруфжон Шакаров соғлигидан шикоят қилмади. Ҳар куни СИЗО раҳбарияти у билан суҳбат ўтказмоқда, врач тиббий кўрикдан ўтказмоқда. Тез тиббий ёрдам кўрсатишни талаб қилувчи ҳолатлар мавжуд эмас.

СИЗО-1 раҳбарияти берган изоҳга кўра, агар Маъруфжон Шакаров очлик ҳолатини тўхтатса, соғлиғини тиклаши учун тиббий бўлимга жойлаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, Маъруфжон Шакаров (1996 й. т.) 2017 йил 13 декабрда Москванинг Преображенский туман суди томонидан сотиш мақсадида йирик миқдордаги гиёҳвандлик моддаларини ўғирлаш ва сақлаш айби бўйича 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.

14 июнь куни жиноят ишлари бўйича Москва шаҳар суди Суд коллегияси аппелляцион қарори билан Маъруфжон Шакаровнинг ҳаракатлари йирик миқдордаги гиёҳвандлик моддаларини сотиш мақсадисиз сақлаш этиб қайта малакаланди. Шунингдек, 10 йил озодликдан маҳрум этиш жазо чораси 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этишга ўзгартирилди.

Шакаров суд қарорига норозилик белгиси сифатида бир ойдан зиёдроқ вақтдан бери очлик эълон қилиб келмоқда.