Ўзбекистон президентининг 18 июлдаги қарори билан арзон уй-жойларни ипотека кредити асосида олиш шартларига ўзгартишлар киритилди.

2020 йил 1 январгача бўлган даврда 20 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр ҳамда биринчи 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз ставкаси билан ва кейинги даврда Ўзбекистон Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида ипотека кредитлари расмийлаштирилади.

Қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш учун уй қурувчиларга дастлабки бадал:

0,02 га ўлчамли ер участкаларида жойлаштириладиган икки, уч, тўрт, беш қаватли кўп квартирали (2 ва 3 хонали) ва 2, 3 хонали бир қаватли арзон уй-жойлар учун — 10 фоиз миқдорида;

0,04 га ўлчамли ер участкаларида жойлаштириладиган икки қаватли 4 хонали бирлаштирилган арзон уй-жойлар ва 0,06 га ўлчамли ер участкаларида жойлаштириладиган 3, 4 ва 5 хонали арзон уй-жойлар учун — 25 фоиз миқдорида бўлишини назарда тутган ҳолда;

шаҳарларда ёш оилаларга, эски уйларда яшовчиларга ва турар жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларнинг бошқа тоифаларига дастлабки бадалнинг табақалаштирилган миқдорини амалиётга жорий этган ҳолда, арзон кўп квартирали уйларни ўртача 15 фоиз миқдоридаги дастлабки бадал билан сотиб олиш учун берилади.

Арзон уй-жойлар қурилиши бўйича дастурда «Қишлоқ қурилиш банк» АТБ, Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки, «Ипотека банк» АТИБ, Халқ банки АТБ, «Асака» АТБ ва «Ўзсаноатқурилишбанк» иштирок этади. Уларнинг аризалари бўйича Молия вазирлиги кредит линияларини очиб беради. Бундан ташқари, жорий йилда қишлоқ жойларда арзон уй-жойлар қурилиши давлат бюджетидан қўшимча молиялаштирилади.