Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони лойиҳаси Norma.uz сайтида муҳокама қилинмоқда.


Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ташкил этишда талаблар камайтириладими

Лойиҳада хорижий инвестицияларни маҳаллий иқтисодиётга жалб этиш механизмларини соддалаштиришга йўналтирилган бир нечта чора-тадбирлар таклиф қилинган. Инвестицион фаолликка ва хориждан кичик миқдордаги маблағлар жалб этилишига тўсқинлик қилувчи омилларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилади.

Биринчидан, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхона устав фондидаги хорижий қўйилмаларнинг энг кам миқдорини пасайтириш режалаштирилмоқда. Ҳозир ташкилотларни хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар деб тан олиш мезонларидан бири — камида 30% миқдоридаги хорижий улушнинг мавжудлиги ҳисобланади. Ушбу чегарани 15%гача пасайтирадилар.

Иккинчидан, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар устав фондидаги юқорида кўрсатилган улуш эгаси хорижий юридик шахс бўлиши кераклиги ҳақидаги талаб бекор қилинади. Шу тариқа, инвесторлар — жисмоний шахслар учун имкониятлар кенгаяди.

Учинчидан, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар устав фондининг энг кам миқдори 600 млн сўмдан 400 млн сўмгача пасайтирилади.

Маълумот учун: юқорида кўрсатилган талаблар «Чет эл инвестициялари тўғрисида"ги Қонуннинг 6-моддасида, шунингдек президентнинг 30.11.1996 йилдаги «Хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналарга бериладиган қўшимча рағбатлантириш омиллари ва имтиёзлар тўғрисида"ги фармони 1-бандида келтирилган.

Тўртинчидан, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божи миқдори 3 баравар пасайтирилади. Эслатиб ўтамиз, ҳозир Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ унинг миқдори ҳужжатларни ўзи келиб топширганда 32 ЭКИҲни ва интернет орқали рўйхатдан ўтганда 16 ЭКИҲни ташкил этади.

Бешинчидан, хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналарини аккредитация қилиш муддати 1−3 йилдан 5 йилга оширилади. Аккредитация қилганлик учун тўлов эса аксинча 3 баравар, 1200 АҚШ долларидан 400 АҚШ долларигача пасайтирилади.

Шуни қайд этиб ўтамизки, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга бир қатор солиқ имтиёзлари берилган. Улар билан бу ерда танишиш мумкин. Бунда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхона мақоми билан боғлиқ махсус имтиёзлардан ташқари, бундай ташкилотлар оддий корхоналар қатори бошқа барча имтиёзлардан фойдаланишга ҳақлилар.


Йирик инвестициялар билан келганлар Ўзбекистонда муаммосиз яшайди

Хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар қуйидагиларни харид қилиш кўринишида Ўзбекистонга камида 200 минг АҚШ долларини инвестиция қилганларида:

яшаш учун мўлжалланган кўчмас мулк объектларини — яшаш учун гувоҳнома соддалаштирилган тартибда берилади;

хўжалик жамиятларининг акциялари ва улушларини, шунингдек хорижий корхона ташкил этганда — республика ҳудудидан чиқиш заруратисиз амал қилиш муддатини чекланмаган миқдорда узайтириш имконияти билан 3 йилгача муддатга кўп марталик виза берилади.

ИИВ мамлакатимиз иқтисодиётининг устувор соҳаларига салмоқли инвестициялар киритган хорижий шахсларга «Фахрий фуқаро» мақомини бериш масаласини ҳам ўйлаб кўради.


Ер олиш ва инвестиция шартномаларини тузишнинг соддалаштирилган тартиби

Туманлар (шаҳарлар) ҳокимларига хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини 50 йилгача бўлган, бироқ аризада кўрсатилган муддатдан кам бўлмаган муддатга узоқ муддатли ижарага бериш ҳуқуқини бериш таклиф этилди. Ҳозир шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун аҳоли пунктларида ер участкалари бериш, қурилиш объектларини лойиҳалаштириш ва рўйхатдан ўтказиш, шунингдек объектларни фойдаланишга қабул қилиш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ масала Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳал этилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига эса қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатлари доирасида хорижий инвесторлар билан 10 млн АҚШ долларидан ортиқ бўлмаган хорижий инвестициялар улушига эга инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда инвестиция шартномаларини тузишларига рухсат берилади. Инвестиция шартномаларини тузиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ, ҳозир инвестиция шартномаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси орқали ҳукумат ҳамда хорижий инвестор (инвесторлар) ўртасида тузилади.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.