Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги 12 октябрдан амалга жорий этилаётган ахборот узатиш тармоқлари хизматларини кўрсатиш қоидаларидаги янгиликларга изоҳ берди.

Аввалроқ Wi-Fi хизмати фойдаланувчиларнинг шахси идентификацияланганда ҳамда фойдаланилган веб-ресурслар (log-файллар) ҳисобини юритган ҳолда тақдим этилиши маълум қилинган эди.

«Бугунги кунда шаҳарларимизнинг катта қисми Wi-Fi тармоқлари билан қоплаб олинган. Аксарият жамоат жойларида, савдо марказлари ҳамда биноларда Интернетга Wi-Fi орқали уланиш жорий қилинган, — дейилади АКТ вазирлиги изоҳида. — Бироқ очиқ Интернет тармоқларидан қонунга хилоф мақсадларда (товламачилик, коррупция) фойдаланиш, террорчилик ҳаракатларида қўллаш кўламининг ошиб бораётгани ҳамда бошқа омиллар жамоат жойларида Wi-Fi орқали Интернет хизматлари кўрсатишни тартибга солишни тақозо қилмоқда».

Вазирлик Wi-Fi фойдаланувчиси шахсини тасдиқлаш ахборот хавфсизлигини таъминлашини маълум қилди.

Фойдаланувчилар ўз шахсларини мобил телефон рақамлари орқали ёки шахсни тасдиқловчи ҳужжатдаги маълумотлар (чипта, меҳмонхонадан рўйхатдан ўтиш маълумотлари) орқали тасдиқлашлари мумкин. Фойдаланувчи мобил телефони орқали шахсини тасдиқламоқчи бўлса, чекланган муддатда фаолият кўрсатувчи (10 дақиқадан кўп бўлмаган) ҳамда фойдаланувчининг телефон рақамига СМС-хабар тарзида юборилган бир марталик кириш пароли (One Time Password) дан фойдаланилади.

Wi-Fi хизмати ташкилотчиси фойдаланувчининг телекоммуникация тармоқлари орқали узатилаётган шахсий маълумотлари ҳамда хабарларининг махфийлигини таъминлаши шарт. Мазкур ҳолат бўйича чекловлар қонунчиликда кўзда тутилган ҳолатларда амал қилиши мумкин;

Wi-Fi хизматларининг сифатли кўрсатилиши юзасидан назорат Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги қошидаги Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси зиммасига юклатилади. Мазкур ҳужжатни тайёрлаш жараёнида Вазирлик мутахассислари ҳамда эксперт гуруҳи халқаро тажрибани яқиндан ўрганган, шунингдек ҳужжат Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини муҳокама қилиш порталида жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинган.

Халқаро тажрибага кўра, Wi-Fi тармоғига имтиёзли уланиш жамиятнинг «шахси тасдиқланган» ҳамда Wi-Fi тармоғи ривожига ҳисса қўшувчи аъзоларига берилади. Мисол учун, ўз уйининг том қисмига Wi-Fi қурилмалари ўрнатилишини қўллаб-қувватлаган шахсларга. Эстония, Париж, Исроил, Финляндия каби мамлакатлар қонунчилигида бундай жиҳат кўзда тутилган.

Жамоат жойларида Wi-Fi тармоғидан ўз шахсини тасдиқлаш орқали фойдаланиш амалиёти хорижда, жумладан Италия, Жанубий Корея ва бир қатор давлатларда жорий қилинган. Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатларида, хусусан Россияда 2014 йилдаёқ ахборот-телекоммуникация тармоғи (Интернет) да ахборот алмашишни тартибга солишга оид қонун қабул қилинган.

«Тушуниш керакки, бугун фойдаланувчилар, жумладан сайёҳлар ва турли мамлакатлардан ташриф буюраётган меҳмонлар аэропорт, вокзал, меҳмонхона ва жамоат транспортлари, маданий-сайёҳлик объектларида мавжуд очиқ Интернет тармоқларидан хавфсиз фойдаланишни истайдилар. Шу боис ҳам, юқорида номи келтирилган ҳужжатда Wi-Fi тармоғи хавфсизлигини таъминлаш ва ундан фойдаланишда шахсни тасдиқлашнинг содда усулларидан фойдаланиш белгилаб берилган», — дейилади изоҳда.