Ўзбекистон олий таълим муассасаларига абитуриентлардан 675 минг 49 та ариза қабул қилинди. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан (729,94 минг) 54,89 минг ёки 7,5 фоизга кам демакдир. Қабул кампанияси 15 июль куни якунланди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази маълумотларига кўра, бир талаба ўрнига 8,3 номзод тўғри келмоқда. 60 та ОТМ ва уларнинг 19 та филиали бакалавр босқичига қабул квотаси 81,22 минг кишини (жумладан 11,76 минг киши — махсус сиртқи бўлимларга) ташкил этади.

Энг кўп ҳужжатлар Қарши давлат университети (30,9 минг ариза), Самарқанд давлат университети (28,7 минг) ва Фарғона давлат университетига (27,7 минг) топширилган.

Бир ўринга энг кўп номзод Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиалида — 23,2 киши, Андижон машинасозлик институтига 18,3 киши ва Тошкент давлат техника университети Термиз филиалига — 17,6 кишини ташкил этди.

Давлат тест маркази матбуот хизмати раҳбари Орзиқул Бобоевнинг ЎзАга изоҳ беришича, абитуриентлар сонининг камайишига ОТМларнинг сиртқи ва кечки бўлимлари очилгани билан боғлиқ.

Ўзбекистон ОТМларида (хорижий университетлар филиаллари ҳисобга олинмаганда) тест синовлари жорий йилда 1−15 август кунлари ўтказилади. Авваллари улар бир кунда бўлиб ўтган.