Индонезиянинг марказий Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтказиладиган XV Осиё ўйинларида боксчи Исроил Мадримов Ўзбекистон терма жамоасининг байроқдори бўлади. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

23 ёшли Исроил Мадримов Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари вице чемпиони, бир қатор халқаро турнирлар ғолиби, шунингдек, Uzbek Tigers яримпрофессионал клубининг аъзоси саналади.

2014 йилда Кореянинг Инчхон шаҳрида ўтказилган Осиё ўйинларида дзюдочи Ришод Собиров байроқдор бўлган эди.

Ўзбекистон терма жамоаси ўша мусобақада 44 медални, жумладан, 9 та олтин, 14 та кумуш ва 21 та бронзани қўлга киритган эди.

Ҳар тўрт йилда бир ўтказиладиган мусобақада 45 та давлатдан келган 10500 нафар атлет спортнинг 40 тури бўйича баҳсларга киришади.