29 июль куни Тошкент ҳокимияти шаҳар фестиваллари сериясини бошлайди, дея «Газета.uz"га хабар берди пойтахт маъмурияти.

Улардан биринчиси Chilla Fest бўлиб, у пойтахтнинг бешта: «Локомотив», «Анҳор-Локомотив», Central Park, Абдулла Қодирий номидаги ва Green Park боғларида бўлиб ўтади.

Chilla Fest дастури турли ёшдаги оила аудиториясига мўлжалланган. Амалдаги аттракционлар ёнига ташкилотчилар томонидан ахборот-кўнгилочар зоналар, арт-объектлар ва рақс-вокал гуруҳларининг чиқишлари ташкиллаштирилади.

Chilla Fest Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг сўзи билан очилади. У атроф-муҳитни ўзгартириш режалари билан ўртоқлашади ва шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш соҳасида олиб борилаётган ишлар ва келгусидаги лойиҳалар ҳақида маълумот беради.

«Биз шаҳар аҳолиси бир кунга ишини унутишини ва уни ўзининг энг қадрли ва энг яқин одамлари — оиласи билан ўтказишларини истаймиз. Тошкент ўзгармоқда, янада яхшиланади, чиройли, қулай ва очиқ бўлишга интилади. Об-ҳаво шароити ва боғлар инфратузилмаси пойтахтда очиқ осмон остида оммавий кўнгилочар дастур ташкиллаштиришга имкон беради, — деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Тошкент ҳокимияти ўз навбатида ҳомийларни ҳамкорликка чорлайди. Хоҳловчилар фестивалда ўз компанияси зонасини ташкил қилиши, озиқ-овқат ва ичимликлар савдоси учун нуқталар ташкиллаштириши, тадбирни ўтказишда ёрдам бериши ва боғлардаги йирик саҳналарда чиқиш қилиши мумкин. Бунинг учун ҳокимиятнинг расмий ҳамкори бўлган Unique Present Media Holding компаниясига мурожаат қилишлари зарур. Телефон: (+99871) 150−84−84 (ички 2); электрон почта: info@upc.uz.