Бўстонлиқ туманида яшовчи Дилшод Нурбеков ва Жаҳонгир Зуннунов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўзаро жиноий тил бириктириб, 13 маротаба ўғирликка қўл уришди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман суди судьяси Баҳодир Қораев «Газета.uz"га хабар берди.

2017 йил 18 сентябрь куни Дилшод туманнинг Чорбоғ қўрғонида спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст бўлиб қолди. Сўнг соат 18.00 ларда ўзининг эски таниши Жаҳонгир билан бирга Хўжакент қишлоғи, Ишонч кўчасида яшовчи Наврўза Дадабоеванинг дала ҳовлисига девор ошиб тушиб, баҳоси 10.000.000 сўмлик бўлган 2 дона Samsung русумли телевизор ва 1 дона телевизор тюнерини ўғирлаб кетишди.

Кейин улар 2017 йил 30 ноябрдан 27 декабрга қадар ғазалкентлик Фазилат Бегматованинг ётоқхонасидан 1,7 миллион сўмлик Lenovo русумли ноутбук компьютерини, Жамила Эргашеванинг 4 миллион сўми ва Зафар Мирзараимовнинг 3 миллион сўми ҳамда шунча сўмлик тилла буюмларини ўғирлашди. Ўғирлик молларни эса арзон гаровга сотиб юборишди.

2017 йил 31 декабрдан 1 январга ўтар кечаси ҳамтовоқлар Олег Бобораҳимовга тегишли Ғазалкент шаҳар, Абдукаримов кўчасидаги 15-уйдан 100 АҚШ доллари, 700.000 сўм, 400.000 сўмлик аёллар пардоз воситалари ва баҳоси 400 АҚШ долларига тенг бўлган автомашина навигаторини ўмаришди.

1 январь санасида бирваракайига 2 та хонадонни нишонга олишди. Аниқроғи, Д. Нурбеков Ж. Зуннунов билан бирга шу йил 1 январь куни соат 19.30 ларда маҳалладошлари Турғунбой Имомалиев ва Нурилла Дўстмирзаевнинг ҳовлисига девор ошиб тушиб, Т. Имомалиевнинг 3.000 АҚШ доллари, Н. Дўсмирзаевнинг 2,2 миллион сўмлик тилла тақинчоқларини ўғирлайди.

2018 йил январь-февраль ойларида Шоҳсанам Бобоева, Хуршид Раимжонов, Саидвали Муслимов ва Муҳиддин Долиевнинг уйидан 2.460.000 сўм, 1 жуфт тилла зирак, 1 дона дурбин, Samsung русумли уяли алоқа телефони ва Samsung русумли телевизорни ўғирлаб, сотиб юборишди.

Туман ички ишлар бўлимининг тезкор ходимлари жабрланувчиларнинг мурожаатидан сўнг ўғриларнинг изига тушишди. Оқибатда жиноятчиларнинг қилмишлари кўп ўтмай фош этилиб, Дилшод Нурбековга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «а» банди, 25,169-моддаси 3-қисми «а» банди билан, Жаҳонгир Зуннуновга эса, 169-моддаси 3-қисми «а» банди, 25,169-моддаси 3-қисмининг «а» банди ва 171-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман суди тергов-суриштирув жараёнида жабрланувчиларга етказилган зарарлар тўлиқ қоплангани, айбдорларнинг муқаддам судланмагани, ёши, яшаш жойидан ижобий тавсифлангани ҳамда тумандаги «Намуна» маҳалла фуқаролар йиғини томонидан Д. Нурбеков, «Наврўз» маҳалла фуқаролар йиғини томонидан эса, Ж. Зуннунов кафилликка олинганини назарда тутиб, судланувчиларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинлади.