Академик Фёдор Русанов номидаги Ботаника боғи ҳудудида Ботаника институти, Миллий гербарий ва Ботаника музейини жойлаштириш учун янги бино қурилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг 17 июлдаги қарорида сўз боради.

Мазкур ҳужжатда Ботаника музейини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган. Музей Ботаника институтининг илмий-тадқиқот ва ўқув-амалий фаолиятидаги ютуқларини оммалаштириш, шунингдек, кенг жамоатчиликни Ўзбекистоннинг ўзига хос ўсимликлари хилма-хиллиги билан таништириш мақсадида ташкил этилмоқда.

Ботаника институти Ўзбекистоннинг табиий ўсимликлар хилма-хиллигини ўрганиш соҳасидаги ягона давлат илмий муассаса сифатида белгиланди.

Институт таркибида ноёб ва эндем ўсимлик турлари бўйича мақсадли илмий-тадқиқотларни олиб бориш ва Ўзбекистон Республикаси Қизил китоби нашрларини халқаро стандартларга мувофиқ тайёрлаш вазифалари юклатилган ноёб ўсимликлар турлари кадастри ва мониторинги лабораторияси ташкил этилади.

Бундан ташқари, институтда Ўзбекистон табиий флорасининг таксономик хилма-хиллигини хатловдан ўтказиш бўйича тизимли тадқиқотлар олиб бориш, ўсимликларнинг инвазив турлари таркибини ва географик тарқалишини белгилаш, алоҳида аҳамиятга эга ботаник ҳудудларни аниқлаш ҳамда ўсимликлар дунёсининг замонавий номенклатураси ва филогенетик тизими асосида «Ўзбекистон флораси"нинг янги нашрларини тайёрлаш вазифалари юклатилган Ўзбекистон флораси лабораторияси очилади.

«Ғўза генофонди» ноёб илмий объекти ва иссиқхона комплекси Ўзбекистон Фанлар академияси Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтига, Институтнинг анатомия ва цитоэмбриология, дарахт ва ўт ўсимликлари интродукцияси, шунингдек, доривор ўсимликлар лабораториялари академик Фёдор Русанов номидаги Ботаника боғига ўтказилади.