Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 июль куни ўтказилган умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда халқ таълими тизимида ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича вазифалар берди.

Йиғилишда таълим тизимида ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш, айниқса, ўқув жараёнини бошқаришнинг ахборот тизимини жорий этиш учун ўқувчилар, ота-оналар, ўқитувчилар ва мактаблар маълумотлар базаларини яратиш, уларни бошқа марказлашган базаларга улаш зарурлигига тўхталиб, ўқувчиларни биринчи синфга қабул қилиш, мактабдан мактабга кўчириш ва бошқа хизматларни электрон шаклга ўтказиш ишлари йўлга қўйилмаганлиги таъкидланди.

Энг муҳим масалалардан бири ҳанузгача ўқитувчилар ўз иш кунининг ўртача 4 соатини ҳужжатларни тўлдиришга, қоғозбозлик билан шуғулланишга сарфлаётганлиги кескин танқид қилинди.

Дунёнинг ривожланган давлатларида, жумладан, Россияда давомат журнали, кундалик, табель ва бошқа таълим сифатига оид маълумотлар аллақачон электрон шаклга ўтказилганлиги мисол сифатида келтирилди.

Бундан ташқари, ўқувчиларни идентификациялаш ва уларни соғлиқни сақлаш, ҳуқуқ-тартибот ва бошқа тизимлар билан боғлаш, «Хавфсиз мактаб» дастурларини жорий этиш вазифалари берилди. Ҳозирги кунда атиги 7 фоиз мактаблар оптиктолали алоқа орқали Интернетга улангани, мактабларнинг 37 фоизида замонавий компьютер техникалари мавжудлиги, мактабларни юқори тезликдаги Интернетга улаш бўйича топшириқлар белгиланди.