Самарқанд вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникация ва коммунал хўжалик масалалари бўйича собиқ ўринбосари Ўткир Абдуллаевга қўлланилган қамоққа олиш эҳтиёт чораси муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисидаги тилхатга ўзгартирилди. Бу ҳақда «Газета.uz"нинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги ахборот манбаси хабар қилди.

13 июль куни «Ўзбекистон 24» телеканалида Бош прокуратура ҳузуридаги медиамарказ репортажи намойиш қилинди. Унда Самарқанд вилоятининг собиқ ҳокими Туробжон Жўраев ва ҳокимиятнинг қатор ходимлари, жумладан ҳоким ўринбосари Ўткир Абдуллаев ҳибсга олингани хабар қилинган эди.

Репортаждан сўнг «Газета.uz» мухбири Самарқанд вилояти ҳокимияти сайтининг раҳбарият тўғрисидаги бўлимида ҳоким ўринбосари лавозими вакант экани, бироқ кейинги куни у қайта тикланганига эътибор қаратди.

Ҳокимият матбуот хизмати раҳбари Манноб Ибодуллаевнинг маълум қилишича, 14 июль куни Ўткир Абдуллаев кун бўйи ишда бўлган. Вилоят маъмурияти вакили мутахассислар сайтдаги маълумотларни янгилашда техник хатоликка йўл қўйганини маълум қилган.

«Газета.uz» ахборот манбаси маълумотларига кўра, Ўткир Абдуллаевга нисбатан очилган жиноий иш давом эттирилмоқда.