Москванинг «Матросская тишина» қамоқхонасида сақланаётган Ўзбекистон фуқароси Маъруфжон Шакаров бир ойдан ошиқроқ вақтдан бери суд қароридан норозилик сифатида очлик эълон қилган.

2017 йил 13 декабрда Маъруфжон Шакаров (1996 й. т.) Москванинг Преображенский туман суди томонидан сотиш мақсадида йирик миқдордаги гиёҳвандлик моддаларини ўғирлаш ва сақлаш айби бўйича 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасидан «Газета.uz"га хабар қилинишича, мамлакатнинг Россиядаги элчихонаси Маъруфжон Шакаровга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатмоқда, жумладан Россия ТИВ ва Москва суд органларига мурожаатлар юборилган. Бош прокуратура билан ҳам шу йўналишда иш олиб борилмоқда.

Натижада 14 июнь куни жиноят ишлари бўйича Москва шаҳар суди Суд коллегияси аппелляцион қарори билан Маъруфжон Шакаровнинг ҳаракатлари йирик миқдордаги гиёҳвандлик моддаларини сотиш мақсадисиз сақлаш этиб қайта малакаланди. Шунингдек, 10 йил озодликдан маҳрум этиш жазо чораси 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этишга ўзгартирилди.

14 июль куни Ўзбекистон элчихонаси консуллик бўлими ходимининг қамоқхона раҳбарияти билан суҳбатидан маълум бўлдики, Шакаров очлик эълон қилгани сабабли бир кишилик камерага ўтказилиб, куну тун видеокузатув остида сақланмоқда.

Жазони ижро этиш муассасаси раҳбарияти у билан суҳбат ўтказган, шифокор судланувчини кўрикдан ўтказмоқда.

Яқин вақтларда Шакаров онаси ва холаси билан учрашиши мумкин.