Самарқанд халқаро аэропортида Туркиядан учиб келган йўловчиларни божхона назоратидан ўтказиш жараёнида бир қатор қонунбузарлик ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақда «Зарафшон» газетаси Самарқанд вилояти божхона бошқармаси матбуот хизматига таяниб хабар берди.

Жумладан, «Истанбул-Самарқанд» йўналишида учиб келган йўловчиларни кутиб олишга чиққан фуқаро Ҳ.Ҳ.нинг хатти-ҳаракатлари божхона ходимлари эътиборини тортди. Божхона ҳамда ИИБ тезкор ходимлари томонидан фуқаро Ҳ.Ҳ. тўхтатилганида, у ўз ихтиёри билан чўнтакларидаги заргарлик тилла тақинчоқларини тақдим этди.

Фуқаро Ҳ.Ҳ. «Истанбул-Самарқанд» йўналишида учиб келган ва йўловчилардан ушбу заргарлик буюмларини йиғиб олган. Улар холислар иштирокида кўздан кечирилганида жами 23 дона, дастлабки баҳога кўра, қиймати 39 681 900 сўмни ташкил этувчи оғирлиги 172,53 грамм аёллар тилла тақинчоқлари экани аниқланди.

Олиб борилган суриштирув жараёнида фуқаро Ҳ.Ҳ. унга ушбу заргарлик буюмларини Туркиядан таниши жўнатиб юборганини айтган. Уларни билдирмай олиб ўтиш учун пул эвазига уч йўловчидан фойдаланган.

Божхона ходимларини алдамоқчи бўлган шахсларнинг қилмиши фош этилиб, тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Бундан ташқари, шу куни Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан яна икки нафар шахс томонидан заргарлик буюмларини қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ҳолати ҳам аниқланди.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан жами 270,52 грамм тилла заргарлик буюмлари олиб қўйилди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибларга кўра жисмоний шахслар томонидан вазни 65 граммгача бўлган қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмларини божсиз олиб киришга рухсат этилган.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Самарқанд вилояти божхоначилари томонидан 1 килограммга яқин тилла буюмлари тўхтатиб қолинган.