Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 июль куни умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда мамлакатда ўтказилган сўровномада қатнашганларнинг бор-йўғи 7 фоизи, ўқитувчилар орасида эса 3 фоизи фарзанди ўқитувчи бўлишини хоҳлаганини кескин танқид қилди.

Давлат раҳбари ўқитувчилик касбининг ижтимоий мавқеини ошириш борасида халқаро илғор тажрибалар ва тадқиқотларга алоҳида тўхталиб, Хитой Халқ Республикасида ўтказилган сўровда 55 фоиз аҳоли фарзанди ўқитувчи бўлишини истаганини таъкидлаб ўтди.

Йиғилишда ўқитувчилик касбининг жамиятдаги мавқеини ошириш, уларни иш фаолиятига тегишли бўлмаган ишларга, яъни ободонлаштириш, мажлисларда қатнашиш, обунага жалб қилиш, уйма-уй юриш ва бошқа тадбирларга умуман жалб қилмаслик, турли назорат органлари ва ҳокимликка тегишли ташкилотлар томонидан ўқитувчилар фаолиятини текшириш ва ўрганишлар қатъий чеклаш топшириғи берилди.

Шунингдек, ўқитувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш учун махсус ҳуқуқий хизматни шакллантириш, оммавий ахборот воситалари орқали ўқутувчининг обрўсини оширишга қаратилган ижтимоий роликлар яратиб, кенг тарғибот ишларини олиб бориш зарурлиги таъкидланди.