Ўзбекистон экологик ҳаракати Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамкорлигида Экоҳаракатнинг Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси қошида аҳолининг экологик хабардорлиги ва маданиятини оширишга қаратилган Ахборот-ресурс марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Экоҳаракат матбуот хизмати хабар берди.

Ахборот ресурс маркази Экоҳаракат, ЕХҲТ Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамкорлигида амалга оширилган «Атроф муҳит муҳофазасига қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда Ўзбекистон экологик ҳаракатига кўмаклашиш — Фаза II» лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Мазкур ташаббус нафақат марказда, балки республиканинг барча ҳудудларида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишларида жамоатчилик иштирокини ҳар томонлама кучайтириш, жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишга кўмаклашишни мақсадида амалга оширилди.

Шунингдек, экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари фаолиятини йўлга қўйиш, экология, тиббиёт соҳасида фаолият олиб бораётган ННТ, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига услубий ёрдам кўрсатиш, шунингдек оммавий ахборот воситаларини экологик маълумотлар билан таъминлашга кўмаклашиш ҳам марказнинг вазифаларидандир.

Матбуот хизмати томонидан берилган маълумотга кўра, «Атроф муҳит муҳофазасига қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда Ўзбекистон экологик ҳаракатига кўмаклашиш» лойиҳаси доирасида 2016 йилнинг 12 август куни Экоҳаракатнинг Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси қошида аҳолининг экологик хабардорлигини оширишга қаратилган ахборот-ресурс маркази ташкил этилган.

Ушбу марказ бугунги кунда жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш, жойларда содир этилаётган экологик қонунбузарликлар ҳақида тезкор маълумотлар олиш имконини бермоқда. Бундан ташқари, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, узлуксиз экологик таълим-тарбия тизимига кўмаклашиш, жамоатчиликни атроф муҳитни муҳофаза қилиш ишларига кенг жалб қилиш борасида самарали фаолият олиб бормоқда.