12 июль куни Юнусободдаги «Кристалл» супермаркети биносида содир бўлган ёнғиндан сўнг Тошкентдаги савдо-кўнгилочар марказлар ташриф буюрувчиларининг хавфсизлиги чоралари кучайтирилади. Бу ҳақда ИИББ матбуот хизмати хабар қилди.

Пойтахтдаги барча йирик савдо-кўнгилочар марказларда Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари навбатчилиги йўлга қўйилди.

Ҳар бир СКМда ёнғин хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ташкилий тадбирлар кўрилаётганлиги юзасидан комплекс ўрганишлар ўтказилмоқда.

Ўрганишларда асосий эътибор объектларни ёнғинни автоматик равишда сезиш ва овозли хабар бериш, шунингдек, тутунни ҳайдаб чиқариш қурилмаларининг созлигига, захира чиқиш йўлларининг ҳолатига, ёнғин вақтида йўналишни кўрсатувчи белгилар ва авария ёритиш тизими мавжудлигига, бирламчи ёнғин ўчириш воситаларининг созлигига, марказлар ходимларининг ёнғин ёки бошқа фавқулодда ҳолатлар содир бўлганда ўз вазифаларини қай даражада билишлари ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

СКМлар ишчи-хизматчиларига содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларни бартараф этиш ва инсонларни тезда эвакуация қилишни ташкил этиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.