Азимжон Назаров инновацион ривожланиш вазири ўринбосари этиб тайинланди, дея хабар қилди Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Бунгача у вазирликнинг иқтисодиётнинг реал секторида тадқиқотлар ва инновацияларни жорий этиш бошқармаси бошлиғи ҳамда инновацион ривожланиш вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи лавозимларида ишлаган.

42 ёшли Азимжон Назаров Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳамда Техас қишлоқ хўжалиги ва механика университетини тамомлаган.

10 йилдан зиёд вақт мобайнида қишлоқ ва сув хўжалиги,атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ижтимоий таъминот ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳаларида хизматлар кўрсатувчи хусусий консалтинг фирмасига раҳбарлик қилган.

Ўзбекистонни 2021 йилгача инновацион ривожлантириш стратегияси лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этган.