Давлат молиявий навзорат бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ярим йил давомида 2837 та назорат тадбирини ўтказди. 2334 та (87 фоиз) ҳолатда харажатларда молиявий интизом қоидабузарликлари аниқланган, дея хабар қилди Ўзбекистон Молия вазирлиги.

Қоидабузарлик билан сарфланган маблағлар миқдори 279,2 млрд сўмни ташкил этган бўлиб, 35,2 млрд сўм етишмаган ёки ўзлаштирилган, 122,6 млрд сўм ноқонуний сарфланган. Молия вазирлиги ҳузуридаги жамғармаларнинг 120,7 млрд сўмлик маблағлари мақсадсиз сарфланган.

56,8 млрд сўмлик мақсадсиз сарфланган маблағларни қайта тиклаш бўйича чоралар кўрилди. 1547 та назорат тадбири материаллари чоралар кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилди.

Бюджет маблағларини олувчи бюджет ташкилотларида 2275 та назорат тадбири ўтказилиб, 1887 та ҳолатда 21,7 млд сўмлик маблағларнинг мақсадсиз сарфлангани аниқланди. Улардан 1126 таси (18,7 млрд сўм) ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилди.

Бюджет интизомини бузган 62 нафар бюджет ташкилотлари раҳбар ва мутасадди шахслари 34,1 млн сўмлик маъмурий жавобгарликка тортилди.