Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган Сурхондарё вилояти собиқ ҳокими Эркинжон Турдимов Сурхондарё аҳолисига маъмурият бошлиғи бўлиб ишлаган вақтида ўзини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.«Азиз воҳадошлар! Мен Сурхондарё халқидан чексиз миннатдорман, бир йилу етти ой вақт мобанида бу воҳа аҳлидан жуда кўп нарса ўргандим. Ўзимни Сурхондарё халқидан бир умр қарздор деб ҳисоблайман. Мана шу давр мобайнида мен билан елкама-елка туриб хизмат қилган барча-барчага ўзимнинг чексиз миннатдорчилигимни билдираман», — деб ёзади Эркинжон Турдимов ўзининг Facebook’даги саҳифасида.

Мазкур пост остида изоҳ ёзган юзлаб вилоят аҳли унга миннатдорлик билдирди ва кейинги ишларида омад тилашди. Шунингдек, Сурхондарёдан чиққан ҳамма раҳбар ҳам у сингари фидокорона ишламаганини таъкидлашди.

Ўз навбатида Самарқанд аҳолиси янги ҳокимнинг тайинланганидан хурсандликларини ва айнан Турдимовнинг вилоятни бошқаришини орзу қилганликларини билдирдилар. Баъзи интернет фойдаланувчилар Эркинжон Турдимовдан узоқ вақт ишлаган Навойи вилоятига қайтишини сўрашган.

Сурхондарёда истиқомат қилувчи Комила Юсупова Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга «Сурхондарё оналари» номидан мурожаат қилиб, Эркинжон Турдимовни вилоят ҳокими сифатида қолдиришини сўраган.

Юзлаб «лайк» ва изоҳлар йиққан мурожаатномада Эркинжон Турдимовнинг вилоят учун жуда кўп иш қилганини ва аҳоли билан биргаликда кўплаб бошқа ўзгаришларни режалаштиргани таъкидланди.

«У камида яна беш йил бизнинг раҳбаримиз бўлиши керак. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Сурхондарё халқига гавҳар совға қилганди. Аммо уни қайтариб оляпти. Биз, Сурхондарё халқи, хотин-қизлар, оналар доно ва адолатли президентимиздан Эркинжон Турдимовни бу ерда яна ҳеч бўлмаса беш йил бу ерда қолдиришларини сўраймиз», — деб ёзади у.