Ўзбекистон Бош прокуратураси Халқаро бокс федерацияси президенти в. б. Ғафур Раҳимов қидирувдаги шахслар рўйхатидан чиқарилди, дея хабар қилди «Газета.uz"нинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги ахборот манбаси.

Июндан Ички ишлар вазирлиги 67 ёшли Ғафур-Арслонбек Раҳимовга нисбатан қидирув эълон қилган эди. ИИВ сайтида у Жиноят кодексининг 165- модда 2-қисм «а» банди (жуда кўп миқдорда товламачилик), 243-модда (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) ва 228-модда 3-қисмида (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) кўзда тутилган жиноятларни содир этишда гумон қилинаётгани хабар қилинган эди.

Бош прокуратура қарори билан Ғафур Раҳимов сиртдан қамоққа олиш кўринишидаги эҳтиёт чораси муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхатга ўзгартирилди. Ахборот манбасининг хабар қилишича, Ғафур Раҳимов яшаш жойи номаълум қолгани сабабли сиртдан қамоққа олиш чораси билан қидирувга берилган эди.

Ғафур Раҳимовнинг ўзи тергов билан ҳамкорлик қилиш ташаббусини билдирган, натижада эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, Ўзбекистонга киришга тақиқ бекор қилинган, деди ахборот манбаси.

2017 йил декабрида АҚШ Молия вазирлиги хорижий активлар устидан назорат бўйича департаменти (OFAC) «Қонундаги ўғри» Евроосиё трансмиллий жиноий ташкилотга қарши кураш доирасида Ғафур Раҳимовни санкцион рўйхатга киритган эди.

1 май куни AIBA раҳбари АҚШ Молия вазирлигига мурожаат қилиб, ўз исм-шарифини санкцион рўйхатдан чиқаришни сўраб мурожаат қилган. Ғафур Раҳимов баёнотида ҳеч қачон ҳе қандай уюшган жиноий гуруҳлар билан алоқада бўлмагани ва унга ҳеч қачон айблов эълон қилинмагани ва айниқса дунёнинг бирор давлатида қандайдир жиноятда айбдор деб эълон қилинмаганини таъкидлаган эди.

Ғафур Раҳимов 1998 йилдан буён AIBA Ижро қўмитаси аъзоси ҳисобланади. 2001 йилдан Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти бўлиб ишлаган, 2005 йилда ушбу лавозимга қайта сайланган, 2012 йилда МОҚ фуқаролиги ўзгаргани муносабати билан унинг ваколатини муддатидан олдин тугатган. Миллий бокс федерацияси ҳам Ғафур Раҳимовга нисбатан ушбу қарорни қабул қилди.