Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов марказлашган маблағларни реал секторнинг ўрнига айнан таълимга сармоя қилишга чақирди. У ўз мулоҳазаларини Facebook`да ўртоқлашди.

«Президентимиз томонидан жамиятда ўқитувчиларнинг обрўсини ошириш бўйича аниқ топшириқ берилди. Ҳозирда тегишли ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланмоқда. Ҳозирги вақтда афсуски республика миқёсида 11 мингдан ортиқ ўқитувчилик лавозимларида вакансиялар мавжуд ва 66 минг нафардан ортиқ олий таълим дипломига эга бўлмаган ўқитувчилар мактабларда фаолият юритишмоқда. Улар орасида эркак ўқитувчилар улуши 30 фоиздан кам экан. Тошкент шаҳрида эса бу кўрсаткич атиги 10 фоизни ташкил этади», — деб ёзади вазир.

«Бу муаммоларнинг асосий сабаби мактаб таълими тизимидаги ходимларнинг ойлик маошларининг ўта паст эканидир. Охирги уч йилликни сарҳисоб қиладиган бўлсак, умумий ўрта таълим соҳасида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг ойлик маошлари энг паст бўлиб, ўсиш суръати ҳам бошқа соҳа вакиллари маошларига солиштирганда анча паст бўлган. Натижада 2016 йилда мактаб таълими соҳасидаги ўртача ойлик Молия соҳасиникига нисбатан атиги 48 фоизни ташкил этган бўлса, бу йилга келиб 42 фоизгача камайганини кўриш мумкин», — дея таъкидлади у.

Шерзод Шерматов Facebook`да эълон қилинган қиёсий жадвал (1 — республика бўйича, 2 — молия ва суғурта соҳасида, 3 — умумий ўрта таълим соҳасида).

«Шунингдек, жойларда мактаб таълими тизими ходимларига мажбурий обуна (200 тадан ортиқ газета-журналларга), турли хил тадбирларга мажбурий чипталар сотиш, маошидан яна бошқа турли хил мажбурий ушланмаларни олиб қолиниши натижасида ўқитувчиларнинг шундоқ ҳам кам бўлган ойлик маошлари унданда камайиб уларнинг қўлигача етиб бораяпти», — деди Шерзод Шерматов.

«Кейин эса ҳайрон бўламиз: нега таълимда ота-оналардан турли хил йиғимлар кўпайган, таълим тизими сифати тушиб кетган, болаларнинг тарбияси ёмонлашаяпти, уларни орасида жиноят ортаяпти, ўз жонига суиқасд қилиш ҳоллари кўпаймоқда деб…»

«Ҳамма ўз иши билан овора бўлиб, фарзандларини асосий вақтини мактабда ўтказишини инобатга олсак, айнан мактабда яхши билим ва тарбия олган болалар келгуси ҳаётида муваффақиятга эришиш имкони кенгроқ бўлишини тушуниб етишимиз керак. Япония, Сингапур, Корея каби давлатларнинг ривожланишининг сири ҳам айнан ўқитувчиларнинг ойлик маошлари юқори қилиб белгилангани ва ҳар бир ўқитувчи ўрнига ўнлаб талабгорлар борлигидадир», — деди ХТВ раҳбари.

«Шу фурсатдан фойдаланиб, ҳурматли молиячиларимиздан Президентимиз томонидан қўйилган ушбу вазифанинг ечимига бу сафар бошқача ёндашишларини, аввалгидек турли баҳоналар топиш эмас, балки қўйилган вазифани ижобий ечиш йўлларини топишга ҳаракат қилишларини сўраб қоламиз», — деди вазир.

«Давлат айнан таълимга асосий сармоя киритиши, бошқа соҳаларга эса хусусий сектор сармоя киритишига шароит яратиши керак. Давлат ишлаб чиқаришда ёмон бошқарувчи эканлигини йиллар давомида самарасиз бўлган миллиардлаб долларлик марказлашган манбалар ҳисобидан амалга оширилган инвестиция лойиҳалари мисолида кўрса бўлади», — деди Шерзод Шерматов.

«Ёшларимизни билим олишга қизиқишлари ортиши учун улар ҳаётда ўқитувчилари бошқа соҳа вакилларидан кўра анча яхши яшаётганини кўришлари шарт! Лекин ҳозир жойларда ўртача ўқитувчининг шароити билан ўртача молиячининг шароитини солиштириб бўлармикин…» — дея ўз сўзига якун ясади халқ таълими вазири.