Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан тадбикорлик субъектларини кўллаб-қувватлаш ҳамда хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида давлат ва хусусий шерикликни ривожлантириш борасидаги янги лойиҳага қўл урилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, жорий йилнинг 14 июль куни 12:00дан 15:00га қадар пойтахт ҳокимлиги биносида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, тадбикорлик фаолиятини ривожлантиришга маъсул идоралар раҳбарлари ҳамда тадбикорлар ва хорижий инвесторлар иштирокида амалий учрашув ўтказилади. Мазкур тадбир хусусий сектор вакилларининг истиқболли лойиҳаларини кўриб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этишга қаратилган.

Янгича ёндашувда ўтказилаётган ушбу учрашувда тадбикорлар ва хорижий инвесторлар Тошкент шаҳрини янада кўркам қилиш, пойтахтда саноат ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа барча соҳаларни ривожлантириш бўйича ўз лойиҳалари билан иштирок этишлари мумкин. Тадбиркорлардан лойиҳаларини слайд кўринишида тақдим этишлари сўралади. Учрашув очиқ, холис ва шаффоф ўтиши кафолатланади.

Мазкур тадбирнинг муҳим бир натижаси сифатида пойтахтда турар-жой биноларини қуришни режалаштирган тадбиркорларга лойиҳалари тасдиқдан ўтгач, Тошкент шаҳар ҳокимияти захирадаги ҳамда бўш ерларни давлат шерикчилиги асосида ажратади. Бунда давлат шерикчилигининг аҳамияти шундаки, турар жой биноларининг қурилиши тугатилгач, давлатга уларни сотишдан тушган даромаддан фоиз тўланмайди, балки умумий хонадонларнинг 10−15 фоизи ҳокимлик тасарруфига ўтказилади ва ушбу хонадонлар чин етим, ногирон, кам таъминланган, боқувчиси йўқ уй-жойга муҳтож аҳоли қатламига тақдим этилади. Бу билан ҳам шаҳар ободончилигига ҳисса қўшилади, ҳам кўнгли яримларнинг эҳтиёжини қондиришнинг муҳим хайрли иш амалга оширилади.

Мазкур учрашув якуни бўйича шаҳар ҳокимлиги томонидан тегишли қарорлар қабул қилиниши кутилмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги тадбиркор ва инвесторлардан ушбу учрашувда фаол иштирок этишларинини сўрайди.