Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон давлат консерваториясининг катта залида Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев республикадаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари директорлари иштирокида мажлис ўтказди.

Мажлис давомида Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг биноси, ҳудуди, жиҳозлари фақат мактаб фаолияти ва ўқувчилар учун хизмат қилиши лозимлиги қатъий белгиланди.

Бу масаланинг кўтарилишига сабаб Жиззах вилоятининг Янгиобод туманида жойлашган мусиқа ва санъат мактаби биносининг бир қисми жиҳозлари билан биргаликда прократура, ҳокимият ва бошқа ташкилотлар учун фойдаланишга топширилгани ва бунинг натижасида ўқувчилар дарс машғулотларини керакли жиҳозларсиз ўтказаётганликлари бўлди.

Вилоятларда президентнинг болалар мусиқа ва санъат мактабларига қаратаётган эътибори, замонавий мебель жиҳозлари билан тўлиқ таъминлаб бераётганини суистеъмол қилган ҳолда мактаб биносини суд-ҳуқуқ органлари ташкилотларига ижарага берилиши, болаларнинг кўз ўнгида суд жараёнлари ўтказилиб, жиноятчиларнинг кишанлаб олиб чиқиб кетилиши мантиққа тўғри келмаслиги айтиб ўтилди.