Ўзбекистон давлат консерваториясининг катта залида Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев республикадаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари директорлари иштирокида мажлис ўтказди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 августда Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида халқ артистлари ва бошқа таниқли адабиёт ва санъат намояндалари, шунингдек, сўз усталарини болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда ижодий марказлар билан ҳамкорлик ишларини йўлга қўйиш вазифаси белгилаб берилганди.

Белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари директори лавозимига ижодкор зиёлилар, давлат миқёсидаги унвонларга сазовор бўлган санъат вакиллари тайинланди.

Вазирликнинг тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда келишилган қўшма қарори асосида ҳар бир болалар мусиқа ва санъат мактабларига директор ўринбосари лавозими ҳам жорий этилди. Лекин, афсуски, ушбу масъулиятли вазифадан бўйин товлайдиган ёхуд уни сидқидилдан бажармайдиган баъзи ижодкорлар президентнинг ишончини оқламаганини вазир таъкидлаб ўтди.

Бу масаланинг ечимини топиш мақсадида вазир эндиликда болалар мусиқа ва санъат мактабига директор ва унинг ўринбосарларини ўзи тайинлашини ҳамда уларнинг фаолияти мунтазам назорат қилишини билдирди.