2−8 июль кунлари Хорватиянинг Загреб шаҳрида спорт курашлари бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. 10 июль куни мусобақада муваффақиятли иштирок этган ёш полвонлар юртимизга қайтиб келишди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Уларни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси мутасаддилари, мухлислар, спортчиларнинг яқинлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кутиб олишди.

Таъкидлаш ўринли, мусобақада ёш спортчилар мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг яхши натижани қайд этишди. Бунгача Ўзбекистон терма жамоаси ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бирданига учта олтин медални қўлга кирита олмаганди.

Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионатида эркин кураш бўйича Жамшид Маърупов олтин, Шаҳбоз Комилов эса бронза медалини қўлга киритди. Юнон-рум курашчиларимиздан эса Аброр Атабаев ва Лазизхон Ўзбеков олтин, Амир Султонов бронза медалига эга чиқишди.

Спортчиларимиз Тошкент халқаро аэропортидан ота-оналари ва яқинлари қуршовида усти очиқ автобусига чиқиб, пойтахт кўчалари бўйлаб ўзига хос чемпионлар парадидан ўтишди.