Ҳукумат «Ўзбекэнерго» ташкилотларини молиявий соғломлаштириш бўйича 2018 йилги «йўл харитаси"ни тасдиқлади. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

«Ўзбекэнерго» АЖ ташкилотларида замонавий «Бошқарувнинг ахборот тизими» жорий этилиши лозим. Шунингдек нуфузли халқаро аудиторлик компанияларини жалб этган ҳолда мустақил аудит ўтказилиб, фаолиятига баҳо берилади.

Афғонистон Ислом Республикасига электр энергияси ва электр техника маҳсулотларини (тиргаклар, трансформаторлар, ТББ ва бошқалар) етказиб бериш ҳажмларини ошириш, қўшни энергия тизимларига электр энергияси транзити бўйича хизматлар кўрсатиш режалаштирилган.

Зарар кўриб ишлаётган 6 та корхонани молиявий соғломлаштириш назарда тутилган. Хусусан, «Муборак ИЭМ» АЖда қурилиши тугалланмаган ва фойдаланилмаётган Муборак газни қайта ишлаш заводи учун буғ ўтказгич ва уч корпусли буғлаш қурилмаси консервация қилинади, «Навоий ИЭС» АЖда эса қурилиши тугалланмаган «Сувни кимёвий тозалаш 350 тн/соат» иншооти консервация қилинади.

Шунингдек қарор билан очиқ савдоларда хусусий мулк сифатида сотиладиган 72 та ихтисослаштирилмаган ва фойдаланилмаётган активлар рўйхати, олиб қўйиладиган ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органларига бериладиган «Ўзбекэнерго» АЖ ташкилотларининг 13 та фойдаланилмаётган ер участкалари ва объектлари рўйхати тасдиқланди.