Биринчи ярим йилликда Ўзбекистонда чет эл капитали иштирокидаги 960 дан ортиқ корхона рўйхатдан ўтказилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан уч баробарга кўп демакдир.

Бош вазир ўринбосари, Ўзбекистон Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси Сухроб Холмуродов чет эллик ва маҳаллий сармоядорларнинг инвестиция таклифларини очиқ муҳокама қилиш ягона майдончасининг биринчи учрашувида бу ҳақда маълум қилди.

Қўмита раҳбари сўзларига қараганда, Россия, Туркия, Хитой, Қозоғистон, Жанубий Корея вакиллари алоҳида фаоллик кўрсатмоқда. Афғонистон, Ҳиндистон, Германия, Украина ва Озарбайжондан ҳам инвесторлар қизиқиш билдирмоқда.

Халқаро молия институтлари ва чет эл ҳукумат молия ташкилотлари маблағларини жалб қилиш соҳасида фаоллашув кузатилмоқда.

«Йил бошидан буён 1,5 млрд долларлик қарз ва кредитларни жалб қилиш тўғрисидаги битимлар имзоланди», — деди бош вазир ўринбосари.

У тўғридан-тўғри хорижий сармояларни жалб қилишда ижобий натижалар қайд этилаётганини маълум қилди — Ўзбекистон ҳудудларида улар иштирокида 280 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилмоқда.

«Ҳар ҳафта муҳокама учун янги соҳани танлаб олаяпмиз, масалан нефть-газ, кимё, тўқимачилик. Бироқ улардан мустақил равишда инвесторларни қизиқтирувчи бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилади», — деди қўмита раҳбари. У барча хоҳловчилар — инвесторлар, дипломатик миссиялар вакиллари, тадбиркор доиралар вакиллари, ОАВ ходимлари, Ўзбекистон ва чет эл фуқароларини иштирок этишга таклиф қилди.

Майдончага вазирлик ва маҳкамалар, давлат бирлашмалари раҳбарлари, иқтисодиёт соҳаларига жавобгар мутасаддилар таклиф қилинади.