Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти Бўз туман судида судланувчи Жаҳонгирмирзо Бултирбоев (1991 йилда Андижон вилоятининг Андижон туманида туғилган)га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича жараён ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили Азиз Обидов «Газета.uz"га маълум қилди.

Жаҳонгирмирзо Бултирбоев Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги «Макс» кафсининг эгаси бўлиб, ўтган йилнинг май офида бу ерда оммавий равишда музқаймоқдан заҳарланиш кузатилганди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан жабрланувчилар сони 212 нафар бўлганини айтилганди. Аммо жиноий иш материалларида 1072 жабрланувчи бўлганлиги маълум қилинган.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган, муқаддам судланмаган Ж. Бултирбоевни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) 4 қисми «б» бандида кўзда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топди.

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти Бўз туман суди Жаҳонгирмирзо Бултирбоевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 57-моддасини (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 72-моддасини (шартли ҳукм қилиш) қўллаб, тайинланган жазони шартли деб ҳисоблаб, унга 2 йиллик синов муддати белгилади.