Бухоро вилоятида «Бухоро-Агро» эркин иқтисодий зонаси ташкил этилади. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 июль куни шу ҳақдаги қарорни имзолади.

ЭИЗда замонавий иссиқхона хўжаликларини, жумладан, гидропоника технологияларини қўллаган ҳолда, кластер усули асосида ташкил этиш учун тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестициялар жалб этиш, шунингдек, замонавий энергия тежовчи иссиқхоналар қуриш учун конструкциялар, жиҳозлар ва бошқа бутловчи буюмлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Кўчатзорлар, шунингдек, бирламчи уруғчиликни ташкил этиш учун шароитлар яратиш орқали иссиқхона хўжаликларини талаби катта, юқори ҳосилдорликка эга бўлган қишлоқ хўжалиги экинлари уруғ ва кўчатлари билан таъминлашнинг самарали механизмларини жорий этиш ЭИЗнинг асосий вазифаларидан.

«Бухоро-агро» ЭИЗнинг фаолият кўрсатиш муддати у ташкил этилган кундан бошлаб, мазкур муддатни кейинчалик узайтириш имконияти билан 30 йилни ташкил қилади. ЭИЗнинг фаолият кўрсатиши муддати мобайнида унинг ҳудудида алоҳида солиқ ва божхона режимлари амал қилади. ЭИЗ иштирокчиси мақоми Бухоро вилояти Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашининг қарори билан берилади.

ЭИЗ ҳудудида амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаштириш халқаро молия институтлари, лойиҳа ташаббускорлари маблағлари, жумладан, тўғридан-тўғри инвестициялар, шунингдек, тижорат банклари кредитлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади. Бунда лойиҳа ташаббускорининг лойиҳани амалга ошириш учун жалб этилаётган ўз маблағлари миқдори тегишли лойиҳа умумий қийматининг 25 фоизидан кам бўлиши мумкин эмас.