Ўзбекистон Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев «Газета.uz» сўрови бўйича Самарқанд вилояти Каттақўрғон ИИБда аёл кишининг таҳқирланиши билан боғлиқ ҳодисага изоҳ берди.

Омбудсман ҳодисани «кишини ғазаблантирувчи ҳамда оналар ва аёллар ор-номусини ерга урувчи», «жамоатчилик танбеҳи ва қонунчиликка мувофиқ жазоланишга лойиқ» ҳодиса" деб атади.

Вакил мазкур ишнинг кўриб чиқилиши жараёнини кузатишга қарор қилган бўлиб, бу ҳақда Бош прокуратурага сўров жўнатган. Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакилига суд мажлисларида иштирок этиш топширилган.

«Мазкур ҳодиса ички ишлар органлари ходимлари ўртасида уларнинг хулқ-атвори ҳамда «Ички ишлар органлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунида кўзда тутилган меъёрларга сўзсиз риоя этиш бўйича кенг тушунтириш ишларини ташкил этиш учун таянч нуқтаси бўлиши лозим», — дейилади омбудсман баёнотида.