Ислом тараққиёт банки президентининг фан, технология ва инновациялар бўйича маслаҳатчиси профессор Ҳаят Сулаймон Синди Ўзбекистон Инновация вазирлигига ташрифи чоғида қишлоқ хўжалиги бўйича аъзо давлатларнинг ҳамкорликдаги ҳаракати концепциясини ишлаб чиқишда ИТБ имкониятларидан фойдаланиш ҳақида музокара олиб борилди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги хабар берди.

Шунингдек, юқори ишлаб чиқариш қувватига эга олтита компьютер марказларидан бирини Ўзбекистонга жойлаштириш бўйича лойиҳани амалга ошириш доирасида ИТБ билан ҳамкорлик ўрнатиш ва шу марказ базасида Ёш олимларнинг халқаро ислом марказини яратиш масаласи қўйилди.

Бундан ташқари, Ал-Хоразмийнинг бой меросини улуғлаш ва оммалаштириш мақсадида ёш математиклар халқаро олимпиадаси ташкил этиш учун молиявий-техник ва консультатив кўмак кераклиги таъкидланди. Муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги ҳам тажриба-инновацион, илмий-тадқиқот ишлари бўйича лойиҳаларни амалга ошириш лозимлигига ҳам тўхталиб ўтилди.

Синди хоним Инновация вазирлиги томонидан таклиф қилинадиган лойиҳаларни кўриб чиқиб, уларнинг муҳимлигига қараб ИТБ томонидан кредитлар, заёмлар, грант ёки бошқа махсус маблағлар ажратилиши мумкинлигини айтди.

Ҳозирги кунда Ислом тараққиёт банкига 57 та давлат аъзо бўлиб, ташкилот мана шу аъзо-давлатларнинг ривожланишига кўмак бериб келмоқда. Молиявий кўмак самарасини кучайтириш мақсадида банк турли соҳаларга ўз эътиборини қаратиб келмоқда, жумладан инновацион ғояларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш ҳам диққат марказида бўлган йўналишлардандир.