Ўзбекистондаги футболчилар кўтарма пули олишмайди. Янги қоида 2019 йилдан бошлаб шартномада акс этади, дея хабар бермоқда футбол ассоциацияси матбуот хизмати.

Кўтарма пуллари футболчиларга маош ва мукофот билан бир қаторда тўланади. Имзо чекилиши учун олинадиган ушбу мукофот ҳақида ўтган йили илк марта ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов фикр билдирганди. У клублар футболчиларнинг ўзига 200−400 миллион сўм тўлашини айтганди. Сал илгари берган интервьюсида Умид Аҳмаджонов яна бир қатор фактларни таъкидлаганди: бутун мавсум давомида захирада ўтирадиган футболчининг кўтарма пули 400 миллион сўм, 35 ёшли футболчиники эса 800 миллион сўмни ташкил қилган.

«Ҳали бир ишни қойил қилиб қўймаган футболчининг клубга келмай турибоқ миллионлаб пул талаб қилишини тушуниш қийин. У ўз савиясига қараб ойлик-маош ёки меҳнатлари эвазига мукофот пулларини талаб қилиши мумкин. Шу вақтгача унинг қуруқ савлатига берилган пул эндиликда футболчини тарбия қилган футбол мактаблари ҳамда мураббийларига йўналтирилади. Бу ўз навбатида болалар футболида фаолият олиб бораётган мураббийларни сифатли футболчиларни етиштиришга бўлган интилишини кучайтиради», — деб айтиб ўтди Умид Аҳмаджонов ЎФА ҳамда ПФЛ раҳбарияти билан учрашувда.

Кўтарма пули кўринишидаги рағбатлантириш бутун дунёда бор. Бироқ футболчи бундай мавқега чиқиши учун жиддий меҳнат қилади. У бир қатор клублар назарига тушганида нафақат трансфер нархи, балки ўзининг клуб билан келишажак шартномасида ҳам рақамлар ўсиб боради, деди у.

Унинг сўзларига кўра, кўплаб клубларнинг давлат корхоналари томонидан рағбатлантирилиши тўхтатилади. «Қолаверса, кўтарма пулларини бериш тартиби бир қатор шубҳаларга сабаб бўляптики, бунинг орқасидан футболчи ҳамда манфаатдор томон молиявий ютуққа эришиши мумкин. Бироқ футбол ҳам, клублар ҳам ривожланиб қолмаяпти. Эндиликда футболчилар қилган меҳнати учун ва албатта ютуғи учун рағбатлантирилади. То футбол клублари хусусийлашиб, ўртада соғлом рақобат вужудга келмагунига қадар, кўтарма пули тушунчаси унутилади», — дея таъкидлади ассоциация вице президенти.

Умид Аҳмаджонов клубларни маблағни легионерлар харид қилишга эмас, академияни ривожлантиришга сарфлашга чақирди.

«Айниқса, 1 йиллик, ярим йиллик бўлган легионер футболчилар учун берилаётган кўтарма пуллари ачинарли. Келади, миллионни чўнтагига солади, ўйнаса ўйнади, ўйнолмаса индамай қайтиб кетаверади. Клублар увол бўлаётган шу пулларни ўз академиясини қуриш, кейинчалик уни шакллантириш, стадионини, инфратузилмасини ривожлантириш учун сарфласин. Бизга боқиманда клубларнинг қуруқ савлати керак эмас. Давлат уларга суянч бўлаётганидан фойдаланиб, ўз келажаклари ҳақида қайғуришсин», — деди у.

Умид Аҳмаджонов футбол ривожи учун давлат томонидан ажратилаётган пуллар мақсадсиз сарфланмаслигини таъкидлади. Клублар йилда икки марта аудит текширувдан ўтади, бундан ташқари Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) талаби асосида штатлар жадвали тузиб чиқилади.