Туркия шимоли-ғарбида юз берган темирйўл ҳалокати натижасида 24 киши вафот этди, 124 киши шифохонада даволанишда давом этмоқда. Бу ҳақда NTV телеканали мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири Аҳмад Демиржанга таяниб хабар берди, дейилади РИА Новости маълумотида.

Сал илгари Текирдоғ провинциясида беш вагоннинг рельсдан чиқиб кетиши натижасида 10 киши ҳалок бўлгани ва 73 киши жароҳатлангани айтилганди.

Таъкидланишича, Туркия вақти билан душанба куни эрталаб 6.00 да қидирув-қутқарув ишлари якунланди.

Туркиянинг транспорт, юк ташиш ва алоқа вазирлиги берган баёнотга кўра, мамлакат шимоли-ғарбида юз берган темирйўл ҳалокатига кучли ёмғир туфайли темирйўл остидаги ернинг нобоп ҳолга келиб қолгани сабаб бўлган. Оғир тан жароҳати олганларни эвакуация қилиш вертолётлар ва тракторлар ёрдамида амалга оширилди. Чунки ҳалокат юз берган жойга бошқа транспорт воситаларининг келиши қийин бўлган.

Hurriyet газетасининг маълумотига кўра, авария юз берган Истанбул ва Эдирне участкалари ўртасидаги темирйўл яқинда хусусийлаштирилган эди. Натижада темирйўл ҳолатини кузатувчи ходимлар сони қисқартирилди. Май ойида асосий мухолифатдаги Халқ республикаси партияси ҳукуматга нима учун парламентнинг Истанбул ва Эдирне ўртасидаги темирйўл кўприги қурилишидан воз кечганини сўраб, мурожаат қилганди. Ҳукумат эса узоқ вақт давомида бошқа темирйўлларнинг ҳаракатини тўхтатиш имкони йўқлиги сабабли кўприк қурилиши бекор қилинганини билдирганди.

Ҳуқуқ-тартибот органлари мазкур авария юзасидан суриштирув ишларини бошлаб юборди. Унинг натижасида ҳалокатга учраган поезднинг икки машинисти қўлга олинди.