Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 4 июль куни мактаб таълими соҳасидаги муаммолар билан танишиш мақсадида Самарқанд вилоятига ташриф буюрди, дея хабар қилди ХТВ матбуот хизмати «Газета.uz"га.Ташриф давомида кўплаб камчиликлар, жумладан тизимли муаммолар аниқланди. Қатор мактабларда 35−45 йилдан буён капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмаган, жорий таъмирлашга эса кераклича маблағ ажратилмаган.

Вилоятдаги 349 та мактаб капитал таъмирга муҳтож, 18 та мактаб тўлиқ таъмирланиши зарур. 336 та мактабда жисмоний тарбия машғулотлари учун спорт заллари йўқ. 629 та мактаб ҳудуди девор билан ўралмаган.

474 та мактабда ўқувчилар сони сиғимдан 50 фоиз ортиб кетгани сабабли ўқув машғулотлари икки сменада ташкил этилган. Бу эса таълим жараёни сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Самарқандда сўнгги йилларда кўплаб кўп квартирали уйлар қурилган, бироқ аҳоли учун қўшимча мактаблар бунёд этилмаган.

Кўплаб мактабларда керакли даражада фаолият олиб бориш учун зарур бўлган энг оддий шароитлар ҳам етишмайди. Айниқса узоқ туманлардаги мактаб филиалларидаги вазият ёмон. Филиал мақомига эга бўлгани учун улар капитал ва жорий таъмирлаш дастурларидан тушиб қолаверган.

Шерзод Шерматов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўқитувчилар ойликлари ва ишлаш шароитларини тубдан қайта кўриб чиқиш, уларнинг жамиятдаги обрўсини ошириш бўйича комплекс чоралар кўриш вазифасини топширганини маълум қилди.

«Ҳозирги ҳолат тараққиёт учун зарур бўлган даражада эмаслиги афсусланарли. Таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича кечиктириб бўлмас чораларни кўришимиз керак», — деди у.

Вазир вилоят халқ таълими бошқармаси раҳбариятига ишга муносабатни қайта кўриб чиқиш ва зудлик билан энг ўткир муаммоларни ҳал этишга киришиш вазифасини топширди.

Ўрганишлар натижалари бўйича мактаб таълими соҳасидаги тизимли муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифлар тайёрланади.