8 июль куни тахминан 17:30 да Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги «Флешка» («Малика») савдо мажмуаси ҳудудида телефонлар сотувчиси Н.А. (1988 й. т.) ва ташриф буюрувчи А.Ш. (1989 й. т.) ўртасида жанжал келиб чиқди, дея хабар қилди пойтахт ИИББ матбуот хизмати.

Натижада муқаддам судланган А.Ш. сотувчининг кўкрак қисмига тан жароҳати етказади ва ўз автомашинасида воқеа жойидан қочиб кетади. Жароҳат олган сотувчига Юнусобод туманидаги 7-шаҳар клиник шифохонасида тиббий ёрдам кўрсатилди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Тезкор-суриштирув ишлари натижасида гумонланувчининг шахси ва бошқарувида бўлган автомобиль давлат рақами аниқланди. Ҳозирда гумондор қўлга олинган.

Айбланувчининг сўзларига кўра, ўзаро жанжал сотувчи ва унинг опаси ўртасида келиб чиққан. Ушбу ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.