Қорақалпоғистонлик ёш журналист ва блогер, Kruz.uz маҳаллий янгиликлар сайти асосчиси ва муҳаррири Фурқат Юсупов вафот этди. Фурқат Юсуповнинг яқин дўстларининг «Газета.uz"га маълум қилишича, у 7 июль куни тушдан сўнг Нукус туманидаги анҳорда чўкаётган икки қизни қутқараман, деб чўкиб кетган.

«Қизлардан бири амаллаб қирғоққа чиққан. Фурқатнинг жасади бир кундан кейин топилди, иккинчи қиз эса ҳали топилгани йўқ», — деди «Газета.uz» суҳбатдоши.

Фурқат Юсупов — 1992 йил 11 декабрда туғилган, Қорақалпоғистон миллий университети журналистика факультетида таҳсил олган. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон кенгаши PR ва жамоатчилик билан ишлаш бўлими бошлиғи, «Қарийдар» газетаси бош муҳаррири, ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон кенгаши матбуот хизмати раҳбари лавозимларида фаолият кўрсатган. Футбол мавзусидаги таҳлилий-танқидий мақолалари билан танилган. 2016 йил у асос солган Kruz.uz сайти Миллий интернет танловида «Икки тилда яратилган энг яхши сайт» номинациясида ғолиб бўлган.

«Газета.uz» таҳририяти марҳумнинг яқинлари ва оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдиради.