Хоразм вилояти Урганч туман ҳокими ўринбосари вазифасини бажарувчи Бекзод Абдримов 1 июль куни маҳаллий фуқародан 5 млн сўм миқдорида пора олаётган вақтда ушланди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Ахборот 24» дастури хабар қилди.

Қўлга олиш тадбири Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти билан биргаликда амалга оширилди.

Бекзод Абрдаимов (1989 й. т.) 10 июнь куни туман ҳокимининг иқтисодий ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникация ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари в. б. этиб тайинланган эди. У 5 сотих ҳажмли томорқа участкасига эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи ҳоким қарорини чиқаришга ёрдамлашиш учун пул мукофотини олмоқчи бўлганда ушланган.

Қўлга олинган шахсга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Мансаб ваколатини суиистеъмол қилинишига оид яна бир ҳолат Андижон вилоятининг Асака туманида рўй берди. Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳодимлари Асака туман ҳокимияти қошидаги корхона дирекцияси раҳбари Шокир Маҳкамовни тадбиркорга саноат зонасида ишлаб чиқариш учун 0,2 гектарлик ҳудудни ажратиб беришга ваъда қилган. Бунинг учун 1000 доллар ва 6,45 млн сўм талаб қилган.

Дирекция раҳбари Асака туманидаги «Ахтачи» маҳалласи ҳудудида пора олаётган вақтда ушланди. Жиноий иш қўзғатилди, дастлабки тергов бошланди.

Видео