Қозоғистон пойтахтидаги Мустақиллик саройида 6 июль куни Остона шаҳрининг 20 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан ушбу тадбирда иштирок этди, дея хабар қилди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Давлат раҳбари ушбу тарихий сана билан Қозоғистон халқи ва Президент Нурсултон Назарбоевни самимий табриклади.

«Остона шаҳри янги, мустақил ва изчил ривожланаётган Қозоғистоннинг ёрқин тимсолидир. Унинг қиёфасида қозоқ халқининг бой маданияти ва анъаналари, замонавий архитектура ютуқлари мужассам. Бу шаҳар йирик иқтисодий ва молиявий марказ, халқаро форум ва учрашувлар учун қулай майдон ҳамдир», — деди Шавкат Мирзиёев.

Маълумки, 1994 йил 6 июлда Қозоғистон Олий Кенгаши мамлакат пойтахтини Олмаотадан Оқмолага кўчириш тўғрисида қарор қабул қилган. 1997 йил 10 декабрда Президент Нурсултон Назарбоевнинг фармонига мувофиқ Оқмола шаҳри Қозоғистоннинг пойтахти деб расман эълон қилинган. 1998 йил 6 май куни Оқмола шаҳрининг номи Остона деб ўзгартирилган.2008 йили қабул қилинган қонунга мувофиқ «6 июль — Пойтахт куни» давлат байрами этиб белгиланган.

Остона шаҳрининг 20 йиллик тадбирлари яна бир самимий мулоқот майдони бўлди. Юбилейда Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ҳам қатнашди.